www.ima.uz O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI
INTELLEKTUAL MULK AGENTLIGI
Shrift: A A A Surat : Yashirish Ko'rsatish Сайт ранги : О Q K Oddiy holatga
» » Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни ва Халқаро интеллектуал мулк кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
26
апрель
2016

Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни ва Халқаро интеллектуал мулк кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни ва Халқаро интеллектуал мулк кунига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб ўтди2016 йил 26 апрелда Ўзбекистон Матбуот марказида Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни (23 апрель) ва Халқаро интеллектуал мулк кунига (26 апрель) бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ҳар йили 23 апрелда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни нишонланади. 1995 йил Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси 23 апрелда китоблар ва муаллифларга эҳтиром билдириш мақсадида барчани, айниқса ёшларни, китоб ўқишдан ҳузур топишга ва инсониятнинг ижтимоий ва маданий ривожланишига кўмаклашганларнинг тенгсиз хиссасини ҳурмат қилишга чақирди ва шу кунни Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилди.
26 апрелда бутун дунёда Ҳалқаро интеллектуал мулк куни нишонланади. Ҳалқаро интеллектуал мулк кунини нишонлаш 2000 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) аъзо-давлатлар томонидан кенг оммани интеллектуал мулк муаммоси билан таништириш мақсадида таклиф қилинган.
Бу сана (26 апрел) бежиз танланмаган – айнан шу куни 1970 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тўғрисидаги Конвенция кучга кирган. Шундан буён ҳар йили 26 апрелда БИМТ бошчилигида инновациялар ва ижодиётни рағбатлантиришда интеллектуал мулкнинг роли тўғрисидаги масала бўйича кенг мунозаралар ўтказилади. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти 2016 йилнинг мавзусини "Рақамли муҳитдаги ижод: Маданиятни қайта англаш”деб номлади.
Фильмлар, ТВ, мусиқа, китоблар, санъат, видео ўйинлар – қисқаси, маданият асарлари учун – анчадан бери чегаралар мавжуд эмас. Ҳозирда WiFi эрасида маданият асарларининг тарқалиши ва истеъмол қилиниш ҳудудлари чекланмаган. Қулай рақамли технологиялар барча тўсиқларни олиб ташлаб ҳар бир артист ва муаллиф учун глобал ҳамкорлик имкониятларини очиб берди. Бу билан бирга рақамли муҳитда ижоднинг гуллаши билан рақамли контент истеъмолчилари учун мўлчилик асри бошланди. Биз ҳохлаган вақтда, жойда ва усулда дунё муаллифларининг асарларини ўқиймиз, кўрамиз ва эшитамиз.
Маданиятни қайта англаш – биз уни қандай яратаётганимиз, унинг асарларидан фойдаланаётганимиз ва қандай молиялаштираётганимиз – маълум вазифаларни ҳал қилишимизни талаб этади. Интеллектуал мулк тизимининг вазифаси – рақамли муҳитда артистлар ва ижодкорлар ўз меҳнати учун муносиб мукофот олишлари ва бунинг натижасида ижодини давом эттиришларини таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ҳам ушбу байрам муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказишни ўз олдига режалаштирган ва амалга ошириб келмоқда, чунончи, Тошкент шаҳри ва Республика вилоятларида "Интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси” мавзусида илмий-амалий семинарлар (Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон республикаси, Самарканд шаҳри, Андижон вилояти ва Тошкент вилояти Қибрай туманида).
Шунингдек, Оммавий ахборот воситаларида бир қатор кўрсатувлар ва ток-шоуларда Агентлик ва Ўқув маркази мутахассислари қатнашдилар, масалан: Ўзбекистон МТРК нинг "Дунё буйлаб” телеканалида 17 апрелда Муаллифлик ҳуқуқи ва китоб кунига бағишланган "Тафсилот” информацион дастурида, 22 апрелда "Mening yurtim 5” телеканалининг "Эркин фикр” ток-шоусида (Муаллифлик ҳуқуқи ва фонограммалар тўғрисида), 25 апрелда "Махалла” телеканалининг Халқаро интеллектуал мулк кунига бағишланган "Очиқ дарс” кўрсатувида.
Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни ва Халқаро интеллектуал мулк кунига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб ўтди2016 йил 1-чораги давомида Агентлик томонидан интеллектуал мулк объектларига 1820 (1533) та талабнома қабул қилинди, 2015 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 18,7 % ташкил этди. Ушбу даврда 1923 (1616) та интеллектуал мулк объектларига талабномалар бўйича давлат экспертизаси ўтказилди ва ўтган йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 19,0 % га ўсди.
Давлат реестрларида 677 (611) та интеллектуал мулк объектлари давлат рўйхатидан ўтказилди, ўсиш 10,8 % ташкил этди, шу жумладан: ихтиролар – 48 та, фойдали моделлар – 25 та, саноат намуналарига – 15 та, товар белгилари – 412 та, ЭҲМ учун дастурлар – 167 та, маълумотлар базаси -10 та.
Ушбу даврда Агентлик томонидан рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектларига оид 82 та шартнома рўйхатдан ўтказилди, улардан: ҳуқуқни бошқа шахсларга (тўлиқ ёки қисман) ўтказиш шартномалари 40 та ва лицензия шартномалари 42 тани ташкил этади.
Ҳисобот даврида Патент ҳужжатлари давлат фондига 102 707 сақланиш бирлигидаги ҳужжатлар келиб тушди, улардан 102 350 таси CD ва DVD-ROM-дискларда сақланади. Патент фондининг ҳажми 78,9 млн. сақланиш бирлигидаги ҳужжатларни ташкил этади.
Республика ҳудудида интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишда ваколатли давлат органлари (жойлардаги Ишчи гуруҳ аъзолари) билан ҳамкорликда 11 та мониторинг ишлари амалга оширилди. Мониторинг натижаларига кўра Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича жами 244 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотномалар қонуний чоралар кўрилиши учун тегишли ташкилотларга юборилди.
Ҳисобот даврида Бош прокуратура, Ички ишлар ва Давлат солиқ идораларига 34 854 та (16 470 контрафакт) аудиовизуал маҳсулотлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар бўйича 44 та эксперт хулосалари берилди.
Матбуот анжуманида унинг иштирокчиларига соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш ва Интеллектуал мулк агентлигининг бошқа фаолият йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Matbuot xizmati
скачать dle 11.0фильмы бесплатно
Murojaat uchun

100000, Toshkent sh. Mustaqillik ko'chasi 59
Telefon: + (998 71) 232-50-50 | Faks: + (998 71) 232-50-05 | Е-mail: info@ima.uz
Materiallarni chop etishda yoxud ularni tarqatishda O'zbekiston Respublikasi intellektual mulk agentligi rasmiy veb-saytiga havola ko'rsatilishi shart!
©2011 – 2016, O'zbekiston Respublikasi intellektual mulk agentligi rasmiy veb-sayti
Barcha huquqlar himoyalangan.
So'nggi yangilanish:
 Mehmonlar: 0
Hozir saytda: 1