www.ima.uz O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI
INTELLEKTUAL MULK AGENTLIGI
Shrift: A A A Surat : Yashirish Ko'rsatish Сайт ранги : О Q K Oddiy holatga
» Интеллектуальная собственность

Интеллектуальная собственность


Интеллектуал мулк инсоннинг ижодий фаолияти на­тижасида яратилган адабий, бадиий, санъат асарлари­ ва­ саноат намунасидир. Ижо­дий фаолият, ўз нав­ба­тида, ин­сон тафаккури маҳсули ҳи­собланади. Шу боис инте­л­­лектуал фаолият иштирок­чилари – муаллифлар фу­қа­ролик-ҳуқуқий муносабат­ларнинг энг фаол субъект­ларидир.

«Интеллектуал мулк» тушунчаси дастлаб 1967 йил 14 июлдаги «Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти(БИМТ)ни ташкил этиш тўғрисида»ги Стокгольм конвенциясида илгари сурилган. Мазкур конвенция интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш билан бирга, унинг таркиби, яъни объектларини ҳам аниқлади ҳамда БИМТ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кўрсатиб берди.

Бугунги кунда интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қо­нунчиликнинг изчил ис­лоҳ қилинаётгани интеллектуал мулкнинг ҳуқуқ тизимида асосий институтлардан бири сифатида ривожланаётганидан далолат беради. Кейинги йилларда республикамизда ҳам интеллектуал­ мулк ҳуқуқига оид қонунчи­лик таркибан ва мазмунан­ жиддий янгиланди. Унга кў­ра­ интеллектуал мулк ҳуқу­қи­ни патент ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳу­қуқларга ажратиш мумкин. Миллий қонунларимизда айнан ана шу тоифадаги ҳуқуқлар эътироф этилган ҳолда, барча тафаккур мулки ҳуқуқий муҳофаза қилинишини Фуқаролик кодексида кўришимиз мумкин.

Кодекснинг нормалари, ўз навбатида, бир қатор соҳавий қонунларнинг ҳам қабул қилинишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Республикамизда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимининг яратилишини қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин.

Биринчи босқич 1991-1995 йилларга тўғри келиб, бу давр жаҳон патент тизими тажрибасини ўрганиш, соҳага оид ихтисослашган халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, миллий қонунчилик асосларини яратиш, давлатнинг ваколатли органи, яъни Давлат патент идораси, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг ташкил этилиши ва оёққа туриши йиллари бўлди.

Иккинчи босқич 1996-2002 йилларга тўғри келади. Бу даврда интеллектуал мулк бойликларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди. Жумладан, «Ихтиро­лар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида», «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида», «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғ­рисида», «Интеграл микросхемалар топологияларини ҳу­қуқий муҳофаза қилиш тўғ­­рисида», «Селекция ютуқ­лари тўғрисида», «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳу­қуқлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Бу йилларда фақатгина патент ҳуқуқи соҳасида умуммажбурий характердаги 15 та ҳужжат ва идора фаолиятини тартибга соладиган 120 дан зиёд меъёрий ҳужжат ҳам рўйхатга олинганини қайд этиб ўтиш лозим. Бу ривожланган давлатларнинг шу соҳада фаолият олиб борадиган идора­лари тажрибасини республикамизда тизимли ҳамда самарали жорий этиш имконини берди.

Учинчи босқич 2003 йилдан бошланиб, ҳозирги кунни қамраб олади ва бу йилларни «ҳамкорлар билан ишлаш даври» деб номлаш мумкин. Ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган интеллектуал мулк объектлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, халқаро анжуманлар ўтказиш орқали республикамизда олиб борилаётган соҳага оид ислоҳотларни дунё жамоатчилигига етказиш, соҳага оид миллий қонунчиликнинг қўлланиши ва халқаро актларнинг ижроси юзасидан назорат-таҳлил ишлари ўтказилиши, омма ўртасида тарғибот ишларини юритиш кучайганини шу йилларда кўриш мумкин.

Фан ва техниканинг жадал ривожланиши, юксак технологияларнинг кириб келиши натижасида яратилаётган янгиликлар, техник ечимлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, маълумотлар базалари, ўсимлик навлари, ҳайвонларнинг янги зотлари, микросхемалар топологияларини яратувчи ижодкорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурияти интеллектуал мулкни янги нормалар асосида муҳофаза қилишни тақозо этади.

Кейинги йилларда иқтисодиётни модернизациялаш, ишлаб чиқариш соҳаларига инновацияларни кенг жорий қилиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш ва халқаро савдо тизимида муносиб ўринни эгаллаш йўлида улкан ишлар қилинмоқда. Президентимизнинг 2006 йил 7 августдаги «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида яқин йилларга мўлжалланган йўналишлар белгилаб берилди. Республика Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш ҳақида»ги қарори юқорида кўрсатилган муҳим масалаларни ҳал этиш, интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсати юритиш йўлларини кўрсатиб берди.

Давлат патент фондини шакллантириш ҳам асосий вазифалардан бири бўлиб, у ўтган йиллар давомида 16 млн.дан 66,8 млн. нусхагача, яъни 4,2 маротаба кў­пайган. Уларнинг 78 фоиздан ортиғи оптик (CD-ROM­ ва DVD ROM) диск­­ларда сақланади.

Миллий патент тизимининг яратилгани ва унинг халқаро ташкилотлар билан уйғун фаолият олиб бораётгани янгиликларни амалиётга татбиқ этишга кенг шароит яратиб бераётир. Шу билан бирга, интeллeктуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликка имплeмeнтация қилиниши ҳам соҳа ривожига туртки бермоқда.

Ўзбeкистон ўтган вақт ичида Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси, Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш учун Мадрид битимига доир баённома ва протоколи, Патент кооперацияси тўғрисида шартнома (РСТ), Товар белгиларига оид қонунлар тўғрисида шартнома (TLT), Патент ҳуқуқи тўғрисида шартнома, Ўсимликлар янги навларини муҳофаза қилишга оид халқаро конвенция (UPOV), Патент тадбирлари мақсадлари учун микроорганизмларни депонентлаштиришни халқаро эътироф этиш тўғ­рисидаги Будапешт шарт­номаси каби нуфузли халқаро шартномаларга қўшилди ва БИМТнинг фаол иш­тирокчисига айланди.

Бундан ташқари, Eвропа патeнт идораси (Ўзаро па­тeнт ахборотини тақдим этиш масалалари бўйича, 2005 йил), Eвроосиё патeнт идораси (Саноат мулкини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро ҳужжатларни алмашиш бў­йича битим, 2000 йил) билан ҳамкорлик битими имзоланган. Ўзбeкистон па­тeнт ҳужжатларини алмашиш бў­йича бошқа хорижий давлатлар билан 10 та ҳукумат­лараро, 17 та идоралараро битим имзолаган ва ҳамкорлик бўйича 6 та вeрбал нота алмашилган. Интeл­лeктуал мулк соҳасида ҳамкорлик масалари бўйича МДҲ давлатлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, муносабатлар аъзо давлатлар томонидан имзоланган 8 та шартнома асосида тартибга солинади.

Шу ўринда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тўғрисида маълумот берсак. Ҳозир 180 дан ортиқ давлат БИМТ аъзоси ҳисобланади. Мазкур ташкилот БМТ тизимида бўлиб, 1970 йилдан фаолият юритмоқда. 1974 йилда у ҳукуматлараро халқаро ташкилот номини олган. Айни вақтда БИМТ бутун дунёда интеллектуал мулк объектларини бир хил ҳимоя қилиш, соҳага оид қонунчилик тизимини яратиш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, ҳимояга олинган объектларни халқаро айирбошлашни қўллаб-қувватлаш, бошқа ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш орқали ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, соҳага оид турли халқаро шартномаларнинг маъмурий бошқарувини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Соҳага оид кенг кўламли ишларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг БИМТ аъзоси эканлиги катта самара бермоқда. 1996 йилда БИМТ Бош директорлари Арпад Богш ва 2000 йилда Комил Идрис бошчилигида ташкилотнинг Халқаро бюроси делегация­лари ташриф буюрдилар. Жаҳон давлат раҳбарлари орасида биринчилардан бў­либ Ўзбекистон Президенти­ Ислом Каримовнинг 1996 йил­да миллий патент тизимини яратиш ва ривожлантиришдаги, илмий-технологик ва ихтирочилик фаолиятига ёрдам кўрсатишдаги шахсий ҳиссаси ҳамда мамлакатимизнинг саноат мулкини муҳофаза қилишнинг халқаро патент-ҳу­қу­қий­ тизимида фаол иштиро­ки учун БИМТнинг «Катта олтин медали» ва дипломи билан тақдирлангани ушбу нуфузли халқаро ташкилот томонидан берилган юксак эътироф намунасидир.­

Ҳар бир мамлакат иқтисодий-ижтимоий фаровонликка эришиш учун интеллектуал мулк муҳофазасининг мустаҳкам тизимига эга бўлиши лозим. Интеллектуал мулк муҳофазаси ихтирочилар ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг янгиликларидан фойдаланиш учун соҳага ин-вестицияларни жалб қилишни тақозо этади.

Бугунги кунда бутун ­ду­нёда интеллектуал мулк объектларини таркибларга ажратиш, объектларга ҳу­қуқий режим бериш, ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳи­моя қилиш тизимини содда­лаштириш орқали кодификация жараёни олиб борилаётгани кўзга ташланмоқда. Бизнингча, республикамизда интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ барча қонунларни жамлаб, алоҳида кодексга киритиш вақти келди. Қонунлар сонининг кўплиги айрим нормаларнинг бошқа қонунларда такрорланиши ёки умумий ҳавола йўсинидаги нормаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек, соҳага оид қонунлар илмий концепция­си ихчамлашиб, кодексда яхлит илмийликка асосланган, назарий жиҳатдан асослаш мумкин бўлган нормалар жамланиши мумкин. Энг асосийси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада жадаллашиб, нормаларни шарҳлаш ва ҳужжатларда акс эттириш имконияти янада кенгаяди.

Шундай экан, интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва манфаатдор ташкилотларнинг биргаликдаги фаолиятини таъминлаш, энг асосийси жамиятнинг турли қатламлари, айниқса, ёш авлод орасида соҳага оид назарий, ҳуқуқий билимларни тизимли тарғиб қилиш долзарб вазифалардан биридир. Иқтисодиётни ривожлантиришда эса барча тадбиркорлик субъектларини инновацион фаолиятга жалб этиш, олимлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга эришиш, интеллектуал мулк объектларини ишлаб чиқаришга жорий этишнинг турли шакл ва воситаларидан кенг фойдаланиш, миллий патентлар бозорини ривожлантириш лозим. 

скачать софт

Murojaat uchun

100000, Toshkent sh. Mustaqillik ko'chasi 59
Telefon: + (998 71) 232-50-50 | Faks: + (998 71) 232-50-05 | Е-mail: info@ima.uz
Materiallarni chop etishda yoxud ularni tarqatishda O'zbekiston Respublikasi intellektual mulk agentligi rasmiy veb-saytiga havola ko'rsatilishi shart!
©2011 – 2016, O'zbekiston Respublikasi intellektual mulk agentligi rasmiy veb-sayti
Barcha huquqlar himoyalangan.
So'nggi yangilanish:
 Mehmonlar: 2
Hozir saytda: 4